Контакты:
(71)236-11-57
(71)232-14-39
» » » Президентимиз Шавкат Мирзиёев Нагоя университетининг фахрий доктори унвони билан тақдирланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Нагоя университетининг фахрий доктори унвони билан тақдирланди

18 декабрь 2019, Среда
128
0

Нагоя университетининг илмий кенгаши таълим соҳасини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда илм-фан ва академик алмашинувларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун, шунингдек, Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган иқтисодиётни либераллаштириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасидаги ислоҳотлар эътирофи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга университет фахрий доктори унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур унвонни топшириш маросимида университет раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари, талабалари ҳамда Нобель мукофоти совриндорлари иштирок этди.

Маросимда Нагоя университети президенти Сейичи Мацуо сўзга чиқиб, Ўзбекистон раҳбари икки мамлакат ўртасида илм-фан соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани, ушбу қарор таълим соҳасидаги узоқ муддатли ва истиқболли ҳамкорликни янада кенгайтиришга томонларнинг интилиши ифодаси эканини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ўзбек ва япон халқларини ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятлар билан бирга илм-фан ва тафаккурга, камолотга доимо интилиб яшаш каби эзгу фазилатлар бирлаштириб туришини таъкидлади. Замонавий дунёда инсон капитали, интеллектуал салоҳият, инновацион ғоялар, юқори технологиялар жадал ва барқарор тараққиётнинг фундаментал асосини ташкил қилаётганини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигида улкан ишлар амалга оширилганини қайд этиб, айни вақтда бу борада ишга солинмаган имкониятлар ҳам борлигини таъкидлади ҳамда қатор таклифларни илгари сурди. Бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида илмий-академик алмашувлар ва технологиялар трансфери бўйича Ўзбекистон-Япония қўшма фондини ташкил қилишни таклиф этди.

Ушбу фонд илмий тадқиқотларни, икки мамлакат ёш олимларининг биргаликдаги илмий изланишларини молиялаштириш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашуви бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Президентимиз Ўзбекистон – Япония азалий дўстлигининг рамзи сифатида мамлакатимизда ўзбек ва япон тилларида чоп этилган бир қанча китоб ва альбомларни Нагоя университети кутубхонасига тақдим этди.


Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали  https://t.me/eduuz

скачать dle 12.0
Полезные ссылки