Контакты:
(71)236-11-57
(71)232-14-39
» » » Ер юзидаги илк йўллар

Ер юзидаги илк йўллар

02 май 2020, Суббота
197
0
Сунъий йўлларнинг қурилиши – инсон жамиятининг тарихидаги муҳим воқеа бўлди. Денгиз ва дарё алоқа йўлларидан фарқли равишда, сунъий йўлларнинг қурилиши табиат томонидан белгиланмайди ва исталган жойда, исталган йўналишда қурилиши мумкин. Қуруқлик йўллари қаерда қурилган бўлса, ўша ерда мамлакатлар ҳудудий ривожланиб, хўжалик ва сиёсий муносабатлар мустаҳкамланган. Эрамиздан олдинги VI асрда дарё орқали кемада юришдан маҳрум қилинган Эрон ёнбағрларида яшовчи буюк форс қироллиги аҳолисининг асосий қисми Мисрни, Вавилонни, Кичик Осиёни, Кавказ ортининг бир қисмини,Ўрта Осиёнинг ва Ҳиндистоннинг бир қисмини босиб олиб, ўзининг қўли остида жуда катта худудни ушлаб турган, бу Шарқдаги Инд дарёсидан тортиб, то Ғарбдаги Эгей денгизигача тўғри келади.

1.1- расм. Қадимги Грек Колесницаси
Бундай катта давлатни қуруқлик йўллари тармоғисиз бошқариш мумкин эмас эди. Шундай тармоқ яратилган ҳам. Унинг асосини узунлиги 2400 км бўлган қирол Дорий I яшаган Эгей денгизининг қирғоғидаги Эфесдан тортиб, то Форс Қўлтиғи соҳилидаги Сузи шаҳригача бўлган йўл ташкил қилар эди. Бу йўлдан ўтган Герадотнинг гувоҳлик беришига кўра, мазкур йўлнинг ҳар 25 км да турли иншоотлар ва хизмат кўрсатиш қурилмалари мавжуд бўлган махсус бекатлар қад кўтарган.
Аппий йўли (лот.Via Appia)– Римнинг қадимий жамоат йўлларидан энг аҳамиятлиси ҳисобланади. Эрамиздан олдинги 312 йилда Аппий Клавдий Цек томонидан бунёд этилган бу йўл Римдан Капуяга олиб борган, кейинчалик Брундизиягача чўзилган. Бу йўл Римни Греция, Кичик Осиё ва Миср билан маълумот алмашинувини таъминлаб берган. (1.2 расм) Рим империясининг қудрати 3 та қитъада энг катта ҳудудни эгаллаган ва бу узунлиги 75000 кмга яқин йўлни ташкил этувчи қуруқлик йўллари тармоғининг қурилиши орқали ифодаланган.

1.2асм.Эрамиздан аввалги 312 йилда қурилган ва ҳозиргача сақланиб келган Италиядаги йўл (Аппий йўли).
Римнинг ҳамма йўллари Форум майдонидан бошланар эди, марказда йўлни 5 та асосий йўналишга ажратадиган “тилла” устун (масофани ҳисоблаш нолинчи нуқтаси) турар эди. Биринчи йўналиш – Осиё томонга, Адриатика денгизи орқали Болқон ярим оролига ва кейинчалик Грециянингжанубига ва шимолий–шарққа Херсонесгача борар эди. Иккинчи йўналиш–Византиядан то Осиёгача борар эди. Учинчи йўналиш Германияга ва Британиягача. Тўртинчи йўналиш – Испаниягача. Бешинчи йўналиш – Африкага, Мессин кўрфази орқали Сицилиягача ва у ёғи Карфагенгача, бу ердан битта йўналиш ғарбга Африка қирғоқлари бўйлаб то Гибралтар қўрфазигача, иккинчи йўналиши эса шарққа Александриягача борган. Ортга қайтилганда эса, ҳаммага маълум бўлган ўша машҳур иборага кўра, “ҳамма йўллар Римга олиб келар” эди. (1.2.1-расм).

1.2.1асм.Рим йўлларининг тармоқлари
Римликлар йўл қурилишида ўзларининг ажойиб маҳоратларини кўрсатдилар, улар қурган йўл замонавий мутахассисларни ҳам ҳайратга солмоқда. Бу йўлларнинг қироличаси бўлиб «Аппий йўли» ҳисобланган,Рим – Африка магистралнинг бошланғич қисми, Дунай дарёси қирғоқларида қурилган «Троян йўли» ҳам қадимий Римликларнинг йўл қуриш санъатининг мўжизаси ҳисобланади. Дунай дарёси чуқур қоя тошли ўзанлари орасидан оққан «Темир дарвозалар» туманида, у осма қоя тошлар орасида қисман ўйилган эди, қисман эса охирлари билан шурфларда маҳкамланган, бақувват ёғоч тўнкаларда осилиб турар эди.
Аппий йўлини қуриш учун жуда кўп миқдордаги хилма-хил қурилиш материаллари керак бўлган. Материалларнинг турларини ишлатилишида қарама-қаршиликлар мавжуд. Becherman шундай деб ёзади:Американинг умумий фойдаланувдаги йўллари Бюроси тадқиқотларига кўра (1934 йил), Аппий йўлининг бир неча кесишмаларидан маълум бўлишича, бу йўл 5 қатламдан иборат бўлган. Биринчи қатлам оҳакли аралашма ёки қумдан таркиб топган. Иккинчи қатлам ўз ичига қум ёки турпоқли оҳак аралашмаси билан мустаҳкамланган икки қатлам тошдан таркиб топган. Учинчи қатлам эса қум ёки турпоқли оҳак аралашмаси билан маҳкамланган чақиқ тош ёки қум-шағалдан таркиб топган. Тўртинчи қатлам зичланган қум-шағал билан иссиқ оҳакдан тайёрланган. Ва ниҳоят охирги қатлам йирик бўлакли базалт тошлари билан қопланган. Бу қатламлар тизимини 1.3.1.а расмда кўриш мумкин. Кассоннинг ёзиши бўйича, бу умуман нотўғри. Яқин вақтдаги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Рим йўлларида ҳеч қандай цемент материали ишлатилмаган ва улар одатдагидек 3 қатламли қилиб қурилган. Бу 3 қатламнинг биринчиси текис мустаҳкам тошлардан, иккинчиси турпоқ аралашган думалоқ тошлардан ва учинчи қатлам қум-шағал ёки магматик тоғ жинсидан иборат бўлган.
Қопламанинг умумий баландлиги 1 м ни ташкил этган, шунинг учун Рим йўлларини “ётиқ деворлар” ҳам деб аташган. Римнинг ҳамма йўллари тўғри бўлиб, эгриликларсиз қурилган, чунки ўша вақтдаги аравалар бураладиган олдинги ўққа эга бўлмаган.
Йўллар Қадимги Римнинг шуҳратини дунёга танитган. Йўллар –бу савдо йўллари, алоқа йўллари вазифасида Қадимги Римни маданияти ва цивилизациясини ривожлантирган. Бу йўллардан босиб олинган мамлакатлардан талон-тарож қилинган бойликларни ва минглаб қулларни олиб ўтилган. II асрнинг бошларида Император Траян вақтида 100 минг километрлик давлат аҳамиятидаги қаттиқ қопламали йўл мавжуд бўлган. Улар мукаммал тарзда жойлашган ва жиҳозланган бўлиб, жуда яхши фойдаланиш ҳолатида сақланган. Римнинг асосий йўлларида ҳар бир милда (1мил 1.5 км) йўл белгилари ўрнатилган. Ҳар бир бекатда меҳмонхоналар, тузатиш сервис хизматлари ташкил этилган. Буларнинг ҳаммаси йўлларнинг ўтказиш қобилиятини жуда яхши таъминлаб берган.
Замонамиз олимлари гувоҳлик беришича Император Август бир кунда 185 км гача йўлни босиб ўтишга қодир бўлган. Император Тиберей эса 1 кунда 350 км йўлни босиб ўта олган. Ҳамма хизматларнинг аъло даражада ишлаши ва отларнинг ўз вақтида алмаштирилиши 1 суткада ўртача ҳисобда 300 км га яқин масофани босиб ўтиш имконини берган. Эҳтимол, Қадимий Римнинг кўпгина йўллари эрамиздан олдинги 450 йилда ишлаб чиқилган “12 жадвал” деб номланганбиринчи “техник шартлар” талаби асосида қурилгандир. Мазкур ҳужжатга асосан йўллар кенглиги бўйича қисмларга (тасмаларга) бўлинган: семита (semita) ёки кенглиги 30см бўлган йўловчилар тасмаси, итер (iter)- кенглиги 92 смдан ортиқ бўлмаган отлиқлар ва йўловчилар учун йўл тасмаси, актус (aktus)- кенглиги 122см бўлган йўловчиларни ташувчи аравалар қатнаши учун мўлжалланган йўл тасмалари ва икки қатнов қисмли виа (via)- кенглиги 244см га яқин бўлган асосий қатнов қисми. Шундай қилиб, семита, итер ва актус йўлнинг икки четидан ўтганлигини ва вианинг икки баробарини ҳисобга олсак, унда унинг умумий кенглиги тахминан 7 – 10 м га яқин бўлган.

1.3.2асм.Аппий йўлининг кўндаланг кесими
Империянинг кейинги даврларида бу ўлчамларга қатъий равишда риоя қилинмаган. Римликларнинг биринчи стратегик йўлларидан бири бўлиб Аппий йўли ҳисобланган, бу йўл эрамиздан олдинги 312 йилда Аппий Клавдий Красс цензори томонидан асос солинган. Бу йўл Рим ва Капуяни боғлаб турган энг кенг йўл ҳисобланган. Айнан шу йўл бўйлаб Спартак бошчилигида қўзғолон кўтарган 6 мингта қуллар крестларга михлаб қатл қилинган. Аппий йўлининг узунлиги 540 км ни, кенглиги эса 7 – 8м ни ташкил этган. Қадимги Римнинг бошқа катта йўллари каби бу йўл ҳам, жойнинг рельефига қарамай, кўп қисмида қуёш нури каби тўғри бўлган. Тахминан эрамиздан олдинги 220 - йилда қурилган Буюк Шимол йўли – “Виа Фламиниа” йўли ҳам шунга ўхшаш йўл бўлган. Бу йўл Римдан Италиянинг шимолига Алп тоғлари орқали ва ундан у ёғи Адриатик денгизи қирғоқлари орқали Византияга олиб борувчи узунлиги бўйича энг узун йўл бўлиб ҳисобланган.
Эрамиздан олдинги I асрнинг охиригача Италия ярим ороли Рим га олиб борувчи йўллар билан бутунлай кесишиб кетган деб ҳисобланади. У вақтда Римда узун ва тўғри кўчали уйларнинг жойлашуви учун тўғри бурчакли координата тўри мавжуд эди. Бу Римнинг ҳамма кўчалари шундай эди дегани эмас. Кварталлар орасидаги кўчалартор ва эгри эди, лекин катта кўчалар бу кўчалардан бутунлай фарқ қилган. Уларнинг кенглиги кўпинча 12 м ни ташкил қилган, баъзи шаҳарларда эса, масалан, Кёльн кабишаҳарда биноларнинг фронтони орасидаги масофа 32м ни ташкил қилган. Пиёдалар йўлакларини ҳам қўшиб ҳисобга олганда асосий йўлнинг кенглиги 22м ни, пиёдалар йўлагисиз эса 11- 14м ташкил қилган. Шаҳар ичида йўлларда албатта кенглиги 0,5 дан 2,4 м гача бўлган пиёдалар йўлакчалари қурилган, улар асосий йўлдан баландлиги 0,45 см га яқин бўлган тош билан ажратилган.
Бундай йўлларнинг асоси кўпинча махсус сув тўкувчи мосламалар ва кюветлар билан жиҳозланган ва уларнинг юзаси доимо ердан анча баланд қилиб ҳамда йўл четларига озгина нишаблик билан қурилган. Рим йўлларининг умумий қалинлиги 80 см дан то 130 см гача бўлган, айРимлари эса 240 см гача етган. Асосан, йўллар кўп қатламли яъни, тўрт ёки беш қатламдан иборат бўлган. Кўплаб йўлларининг пастки қатлами қалинлиги 20–30 см ли тош плиталардан иборат бўлган асосни ташкил қилган ва улар мустаҳкам йўл пойи устига аралашма қўшиб ётқизилган, кейин устига қум ётқизиб текисланган. Иккинчи қатламнинг қалинлиги 23 см бўлган ва у бетондан (аралашма билан қўшиб ётқизилган чақилган тошлар) қилинган. Учинчи қатламнинг қалинлиги ҳам 23 см бўлган, у майда қум-шағалли бетондан қилинган. Бу икки қатлам албатта яхшилаб зичланган.
Бу ишнинг энг оғир ва кўп куч талаб қиладиган қисми эди, уни асосан қуллар ёки ҳарбий хизматга ёлланганлар бажаришган. Охирги юзаки қатлам қалинлиги 13см га яқин ва юзаси 0,6 – 0,9м2 бўлган йирик тош блоклар билан қопланган. Аппий йўлининг катта қисми айнан шундай қурилган деб ҳисобланади. Шундай қилиб, Рим йўлларини ўрганиб чиққан бир неча тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Рим йўлларининг асосий элементини қалинлиги 30 см ли бетон ташкил этган, у асоснинг тош плиталари ва юқори қатламдаги тош брусчаткалар орасига ётқизилган. Француз инженери М.Флере XIX асрнинг бошларида қум-шағал қопламали Рим йўлининг тузилишини таърифлаб берган. Унинг маълумотларига кўра, тупроқ 4 футгача (120 см гача) қазилиб, ҳосил бўлган мазкур қазилган ернинг таги яхшилаб ёғоч зичловчи ускуналар билан зичланган. Тубига қалинлиги 1 дюйм (2,5см) қалинликдаги қум–оҳак тўшак солинган ва бу қатлам устига текис кенг тошлар қатлами ётқизилган. Бу тошли қатлам устига яна тайёрланган аралашма тўкилиб яхшилаб зичланган.
Кейинги қатламнинг қалинлиги 9–10 дюйм (23-25см) бўлган бетондан ташкил топган, бу аралашманинг энг катта тўлдирувчиларини харсанг тош ва қум-шағал аралашмаси ташкил қилган. Бундан ташқари бузилган биноларнинг тош бўлаклари ва черепицалардан ҳам фойдаланилган. Бу қатламнинг устига қалинлиги 1 фут (30 см) бўлган янада майда тошли бетоннинг янги қатлами ётқизилган. Охирги юқори қатлам қалинлиги 3–3,5 фут (90–105см) бўлган йирик қум-шағал ёки чақиқтошдан иборат бўлган ва бу қатлам бир неча кун давомида яхшилаб зичланган. Арзонроқ йўллар қалинлиги 13 см ли тош қопламадан, қалинлиги 46 см бўлган тупроқ, оҳак ва қум аралашмасидан, қалинлиги 46 см га яқин зичланган тупроқ қатлами ҳамда харсанг ва майдаланган тошли юқори қатламдан ташкил топган. Булардан ташқари йўлларнинг бошқа турлари ҳам мавжуд эди.
Шундай қилиб, Лондонда қалинлиги 230 см ли қадимги Рим йўлисақланиб қолган ва бу йўл бутунлай оқ черепицали бетон қопламадан қурилган. Қизиғи шуки, йўлнинг бутун бетон массаси тош тирговуч деворлар орасига ётқизилган. Рим йўлларида дренаж тизими жуда ҳам пухта ўйланган, шунинг учун бетоннинг тўла миқдори салбий температураларда ёрилмаган. Йўл қопламасида температура чоклари йўқ эди ва асосан Италиянинг юмшоқ иқлимига мослаштирилганэди. Рим империясининг шимолий вилоятларида бетон қопламали йўлларда ёриқларни кузатиш мумкин эди, шунинг учун империянинг кейинги даврида Римликлар бетон қопламали йўлларни қуришни тўхтатишган.
Рим йўлларининг трассаси иккита параллел тортилган ип орқали белгиланиб, шу ип орқали йўлнинг кенглиги ҳам аниқланган. Тўғри чизиқ “момақалдироқ” ускунаси орқали таъминланган, лекин кўпгина ҳолларда бунинг учун энг оддий усулдан фойдаланилган масалан, узоқда жойлашган гулхан тутуни ва маълум бир оралиқдаги нуқтадан. Йўл қурилишига жуда кўплаб қуллар келтирилган. Маҳаллий аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ҳам қисман бириктирилган. Тош материалларининг катта хажмда ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қўл меҳнати орқали бажарилган. Бу жараёнда катта тошларни гулханда қиздириб кейин устидан совуқ сув қуйилган. Римликларнинг кўпгина йўллари XIX аср гача ҳам эксплуатация қилинган, баъзилари ҳозиргача ҳам сақланиб қолган. Қизиғи шуки, Римликларга табиий асфальт ва ҳаттоки қум билан аралашган асфальт ҳам маълум бўлган, лекин улар уни йўлларнинг устки қатлами учун ишлатишмаган.
Шундай қилиб, Қадимий Рим йўлларининг йўл тўшамаси жуда бақувват ва мустаҳкам эди, қалинлиги 0,8–1,3м гача, айрим ҳолларда 2,4 м гача бўлганлигини таъкидлаш лозим. Замонавий тушунчаларга кўра, бундай йўллар мустаҳкамлиги ортиқча захираси билан бажарилган. Масалан, шундай турдаги замонавий йўлларнинг йўл тўшамаси худди шундай иқлим шароитларида муздан муҳофаза қилувчи қатлам ва едирувчи қатламни ҳисобга олганда ҳам 60–70 см дан ошмаган. Аппий йўлининг конструкциясига ўхшаш йўлларнинг конструкцияси ҳозирги замондаги энг оғир эксплуатацион юкланиш, яъни автомобиль ўқига 15 тоннага яқин тушадиган юкланишни бемалолкўтара оладиган йўллар учун қўлланилиши мумкин. 2300 йил олдин қурилган бу йўлнинг ҳозирда ҳам эксплуатация қилиниши бежиз эмас.
Рим йўлларининг бошқа афзалликлари ҳам мавжуд эди: уларнинг баъзиларида хақиқий тошлардан қилинган махсус едирилувчи қатламнинг мавжудлиги; бетонни иш жойида тайёрланиши имкониятининг мавжудлиги; замонавий портландцементга нисбатан ёриқларга юқори даражада бардош бера оладиган, катта чўзилувчанлиги мавжуд оҳакнинг кенг миқёсда қўлланилиши. Ва, албатта, Рим йўлларининг энг асосий афзалликларидан бири бу уларнинг узоқ муддат хизмат қилишидир, буни исботи бўлиб улардан баъзиларининг ҳозирги даврда ҳам яхши ҳолатда сақланганлигидир. Масалан, Испаняда Рим йўлларининг таъмири 70 – 100 йилда бир марта қилинар эди. Конструктив хусусиятлари ва қурилиш усуллари бўйича бетон поллар Рим бетон йўлларини эслатади. Қадимги муаллифлар, Варрондан бошлаб (эрамиздан олдинги 116 – 27йй.) греклардан олинган бетон полларнинг қурилиши ҳақидаги маълумотларни қолдиришган.
Йўл қурилиши Римда қимматбаҳо хисобланган. Италиядаги Аппий йўлининг қайта қуриш нархи 1 км учун 2 млн долларни ташкил этади. Буюк Британиядаги машҳур эски йўл Англиянинг жануби - ғарбидаги Брю дарёси ёнида жойлашган. Хақиқатда, “Йўлнинг” ёши қарийб 6000 га тенг ва бу йўл 1970 йили торфли ботқоқликда аниқланган. Йўлнинг қурилиши Буюк Британияга эрамиздан 4000 йил аввал биринчи фермерларнинг кириб келишига тўғри келади.
Рим Империясига нисбатан минглаб графлик, князлик, герцогликларга бўлиниб кетган Ўрта асрдаги Европадакучли транспорт тармоғи керак эмас эди. Ўзи билангина овора бўлган ва кўпинча ўзаро курашаётган феодал давлатлар йўлларини яхшилашга эътибор беришмаган. Қулдорлик даврининг тугатилиши қуллар меҳнатининг амалдаги чексиз манбаидан фойдаланишга асосланган йўл қурилишидаги Рим техникасининг ҳам якунига олиб келди. Янги йўлларни ўша вақтларда фақат ёлланма меҳнат қилишга кўниккан маҳаллий аҳоли қуриши мумкин эди. Бунинг натижасида янги енгиллаштирилган конструкцияли янги тупроқли йўллар вужудга келди.

*Техника фанлари доктори Ж.Содиқов, халқаро транспорт академияси академиги Ш.Мирходжаевларнинг “Алоқа йўллари” китобидан олинди.
скачать dle 12.0
Полезные ссылки