• RSS
  • Карта сайта
  • Контакты

Toshkent avtomobil yo`llarini loyihalash, qurish va ekspluatatsiyasi instituti rasmiy veb sayti

Xisoblagichlar
Қодиров Сарвар Муқаддирович

Қодиров Сарвар Муқаддирович

 

Қодиров Сарвар Муқаддирович

 

   Tехника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, ЎзҚХФА мухбир аъзоси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган транспорт ходими Қодиров Сарвар Муқаддирович Республикада тан олинган ўзбек олимлардан биридир. У 1940 йил 11 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. У бутун ҳаётини Олий таълим ва фан ривожига бағишлаган инсон. 1964-1968-йиллар Москва автомобил-йўллар институти "Автотрактор двигателлари" кафедрасида мақсадли аспирантурада ўқиган ва 1969-йили МАДИда номзодлик, ҳамда 1984-йили Ленинград қишлоқ хўжалик институтида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 1976-йили Республикада биринчилардан бўлиб техника соҳасидаги дарсликни ўзбек тилига таржима қилган ва у "Автомобил двигателлари" номида (30 б. т.) "Ўқитувчи” нашриётида чоп этилади. Кейинчалик, 1980-1992-йилларда "Долговечность автотракторных дизелей в условиях Средней Азии”, "Ички ёнув двигателлари", "Двигател ва автомобиллар назарияси", "Трактор двигателларини унумли ишлатиш”, "Автомобильные и тракторные двигатели", "Автомобил ва трактор двигателлари" дарсликларини яратади. 1989-йилда унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби" унвони берилади. 1991-йили эса Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлар академиясига мухбир-аъзо бўлиб сайланади. 1995-йили Теҳрон (Эрон)да бўлиб ўтган Жаҳон илм-фан анжумани (фестивали) унинг "Автомобильные и тракторные двигатели" дарслигини Халқаро Ал-Хоразмий мукофотига муносиб кўради. Бу дарслик ўз вақтида 15 та Шарқ давлатларининг университетлари томонидан сотиб олинган ва дарслик сифатида фойдаланилади.

 

    Биринчи Президентимиз Ислом Каримов профессор С.Қодировни 1995 - йили ТАЙИнинг ректори этиб тайинлайдилар ва у бу лавозимда 10 йил давомида сидқидилдан, фидокорона меҳнат қилади ва институт миқёсини жаҳон даражасига олиб чиқади. Унинг ректорлик фаолияти Республика раҳбариятига маълум.

УИсроил, Германия, Франция, Жанубий Қурия, Тайланд, Чехия, Венгрия, Югославия ва Ҳиндистон давлатларида бўлиб, уларнинг Олий таълим тизимини мукаммал ўрганган . Ўзбекистонда ягона "Иқтидорли талабалар ва магистрантлар факультети”ни ташкил қилди. Дарслар асосан инглиз ва рус тилларида олиб борилди. Сарвар Қодиров собиқ СССР халқ таълими аълочиси, Нью-Йорк фанлар академиясининг, Халқаро Муҳандислик ва Халқаро Информатизация, Гуманизм муаммолари Академияларининг академики. Машхур инсонлар Жаҳон ва Осиё Энциклопедияларига киритилган. 2 марта "Йил кишиси” унвонига сазовор бўлган. МАДИ(ГТУ), МГТУ”МАМИ” ва ЖизПИнинг фахрий профессори, Россия профессорлар клуби аъзоси. Халқаро Ал-Хоразмий мукофотига сазовор бўлган ягона ўзбек олими. Ҳозирги кунда у "Экология ва Ички ёнув двигателлари" кафедрасида профессор лавозимида фаолият кўрсатади ва талаба ёшларга, магистрант, аспирант, докторантларга устозлик қилади. Унинг раҳбарлигида кўплаб магистрантлар, 9 фан номзоди, 3 фан доктори тайёрланган.    Ҳозирги кунда бирнеча ўқитувчилар номзодлик ва докторлик диссертацияларини тугаллаш арафасида. У ўзининг илмий мактабига эга.

 

   Кейинги йилларда Олий таълим вазирлигининг Гувоҳномалари асосида бирнеча дарсликлар, ўқув қўлланмалар чоп эттирилди. Атамалар кўмитасининг руҳсати билан унинг раҳбарлигида қўйидаги луғатлар чоп этилган: "Русча-ўзбекча автотрактор луғати"; "Инглизча-русча-ўзбекча автотрактор луғати"; "Русча-ўзбекча (лотин имлосида) автотрактор луғати". МАДИ ва МАМИ университетлари ректорларининг илтимосига мувофиқ "Русско-английский автотракторный словарь" тайёрланди ва чоп этилди. Ҳозирда бу луғат Россия техника университетларнинг мулкига айланган. 2007-йилда С. Қодировнинг "Автомобильные и тракторные двигатели" (ҳаммуаллифлар: С.Никитин, А.Карунин) дарслиги (30 б. т.) Москвада "Наука" нашриётида чоп этилди ва Россия Федерациясининг Фан ва таълим вазирлиги томонидан техника олий ўқув юртларининг талабалари учун дарслик сифатида тавсия қилинди. 2013 йилда бу дарслик инглиз тилида "INTERNEL COMBUTSION ENGINES” номда Индияда "Aph Publishing Corparation”нашриётида чоп этилди. Бу ўзбек олимининг тан олинишидир ва "Техника фанлари” соҳасига қўшилган муносиб ҳиссадир...

   2010 йилда унинг "Автотрактор двигателлари” дарслиги (31 б.т.) ва "Тақдир” номли автобиографик романи (30 б.т.) нашрдан чиқди. Бу роман 2016 йилда Америкада "The Fate” номда инглиз тилида чоп этилди. Ушбу автобиографик роман асосида 15 сериялик телесериал яратилди ва намойиш қилинди. Сарвар Қодиров 57 йил давомида Олий таълим тизимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Шу давр ичида унинг 100 дан ортиқ дарсликлари, луғатлари, ўқув кўлланмалари ва монографиялари, бадиий рисолалари ва романлари ўқувчиларга бориб етди. Унинг бадиий рисолалари Республикамиз мустақиллигига, билим, илм, одоб, ахлоқ, тарбия, маънавият, устоз-шогирд масъулиятига бағишланган бўлиб талаба ёшларнинг онгини замон талабида шакллантиришга хизмат қилмоқда. У ўз устозларининг давомчиси. У доим вақтдан ўзиб яшайди. У фидойи, камтарин инсон, жонкуяр раҳбар ва олим, раҳбарлик ҳамда педагогик маҳорати ва илмий-ижодкорлик қобилияти билан республикамиз зиёлилари орасида ҳурмат қозонган.


Подробнее
  • Ko'rib chiqildi: 64
  • chob etish

Sayt 2017-yil " ATM " bo'limi tomonidan yaratildi.