• RSS
  • Карта сайта
  • Контакты

Toshkent avtomobil yo`llarini loyihalash, qurish va ekspluatatsiyasi instituti rasmiy veb sayti

Xisoblagichlar
Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида сўз қудрати фалсафаси

Алишер Навоийнинг "Маҳбуб ул-қулуб” асарида

сўз қудрати фалсафаси

    Сўз санъати инсоният яратган мўъжизалардан биридир. Бадиий адабиётда инсониятнинг босиб ўтган узоқ мураккаб ҳаёт йўли, тарихи, уни қуршаб турган муҳит, коинот, жонли ва жонсиз оламни табиат ва жамиятдаги воқеа ҳодисаларни англаш, тушуниш идрок этиш жараёни унга муносабат билдириш даражаси акс этгандир. У инсоннинг маънавий камолотга етишига хизмат қилади. Сўзга ошуфталик, сўзнинг остини ҳам кўра олишга интилиш, нутқнинг ғоят латифлигидан, нутқдаги сўзларнинг фавқулодда уйғунлигидан завқланиш, она тилида таъсирчан нутқ сўзлай олувчига, сўзни санъат даражасига етказа оладиган нотиқларга алоҳида ҳавас билан қараш ўзбекнинг азалий урфларидандир.

   Сўз билан тингловчининг фақат қулоғини эмас, балки қалбини ҳам забт эта билиш Шарқда, хусусан, ўзбекларда тарбияланганликнинг, маърифатлиликнинг, зиёлиликнинг белгиларидан бири бўлган. Улуғ бобомиз Юсуф Хос Хожиб "Одобнинг боши тилдир” деб бежиз ўгит бермаганлар. Зотан, нутқнинг гўзаллиги, тилнинг бурролиги, лисоний ифоданинг аниқ ва тиниқлиги инсон учун ўзига хос ҳусндир, бу ҳусн охир-оқибатда жамиятнинг, миллатнинг ҳуснини кўрсатади.

   Биз жаҳон аҳлига ўзбек деган номни танитган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ат-Термизий, Фаробий ва Хоразмийдек, Имом ал Бухорий ва Нақшбандийдек буюк даҳоларнинг авлодларимиз, яна қанчадан-қанча алломаларимизни номма-ном айтиб ўтсак адоғи кўринмайди. Миллатимиз фахри бўлган бу улуғ бобокалонларимиз билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Яна шундай буюк сиймоларимиз, Мағрибу Машриққа донғи кетган, адабиётимиз шуҳратини юксак маъволарга кўтарган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек забардаст шоирларимиз бор. Биз ана шундай серқирра салоҳиятли буюк зотларнинг авлодларимиз. Ўзбек адабиёти жуда бой адабий меросга эга эканлиги ҳақида, бу адабиётнинг ривожланиб тараққий топишида улуғ бобокалонларимиз А.Навоий, Лутфий, Атоий, Саккокий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб шоирлар ўз ҳиссаларини қўшганликлари тарихдан бизга маълум. Уларнинг ҳар бирлари тарихда ўзига хос из қолдирган лекин булар ичида Алишер Навоийнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади, чунки у ўзбек адабиётига асос солган буюк мутафаккир шоирдир.

    Шеърият осмонида қуёшдек порлаган, инсониятни маърифатга чорлаган, асрларни мунаввар айлаган сўз мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий сўз дурдоналаридан тузилган назмда ва калима гавҳарларидан тартиб топган достону ғазалларида сўз таърифи хусусида ғоят гўзал, бетакрор, пурмаъно ташбеҳлар айтганларки, бу доно хикматларни эшитган ҳар бир инсоннинг ўзи учун сабоқ олиши табиий.

Ширин сўз ила халққа марғуб ўлғил

Юмшоқ де, ҳадисингнию маҳбуб ўлғил

Сўз борким, эшиткучи таниға жон киюрур,

Сўз борким, айтқучи бошин елга берур

Тилинг била кўнглигни бир тут,

Кўнглию тили бир киши айтқан сўзга бут

Ҳар кимки чучук сўз элга изҳор айлар,

Ҳар неча-ки ағёр дурур ёр айлар.

   Доно халқимиз "яхши сўз жон озиғи” деб бежиз айтмаган. Сўз кучли қудратга эга. Сўзнинг қудрати ҳақида уни тўғри қўллаш ҳақида буюк шоиримиз Алишер Навоий ўзларининг кўплаб асарларида ёзиб қолдиргандар. Шундай асарлардан бири "Маҳбуб ул-қулуб” (Кўнгилларнинг севгани) дир. Бу Алишер Навоийнинг сўнгги йирик асари бўлиб, у 1500 йилда яратилган.

  Навоий бу асарида ҳаётдан олган тажрибаларига, ўзининг ижтимоий сиёсий ва аҳлоқий таълимий қарашларига якун ясаш, кишиларнинг хулқ атворидаги иллатларни фош этиш, уларни яхшиликка йўллаш мақсадини ўз олдига қўяди.

  "Маҳбуб ул-қулуб” фалсафий ахлоқий асардир. У уч қисмга бўлинади. Аввалги қисм халойиқ аҳволи ва феъл атвори ҳамда сўзларининг кайфиятига бағишланган. Иккинчи қисм ҳамида ҳисол хосиятида – яхши фазилатлар ва ёмон хусусиятлар ҳақида бўлса, учинчи қисмда эса ҳамида натижаси ва замима ҳисол хосиятида яъни – яхшиликнинг натижаси ва ёмон хислатларнинг оқибати тилга олинган. Навоий ҳазратларининг таъбири билан айтганда  "Имкони бор ҳар бир яхшилик – сўз орқалидир.

  "Маҳбуб ул-қулуб” асарида одоб - аҳлоқ масаласига алоҳида аҳамият берилади. Одоб ва тавозени кишининг олижаноб фазилати деб баҳолаган Навоий: "Одоб кичик ёшлиғларни улуғлар дуосига сазовор этар ва ул дуо буругти билан умрдан барҳурдур”, "Одоб тавозу дўстлуқ кўзгусига жило бўлур ва икки жонибдин ёруғлик еткурур...”.

  Навоий одоб-аҳлоқ мавзусига тўхталар экан, асарда сўзнинг қудратига чин, тўғри сўзлаш ва нутқда ҳалол бўлишга чақирар экан, ёлғон сўз ҳамиша фақат бахтсизлик келтиришини таъкидлайди. Чин сўз мўътабар, яхши сўз муҳтасар сўзки фасоҳат зеваридан муайян эмасдур анга чинлик зевари басдур. Ёлғончи ҳар неча сўзида фасиҳроқ сўзи қабиҳ - дейди.

Хирадманд чин сўздан ўзга демас.

Вале бори чин ҳам дегулик эмас.

Киши сўзда чин сўз деса зебо дурур,

Неча мухтасар бўлса авло дурур.

  "Маҳбуб ул-қулуб” да яна шундай сатpлар учрайди. Хушбўй ким сўзни рафиқ ва муфасо била айтгай, кўнгил ғам қиладурғон бўлса анинг сўзидан қайтгай.

Сўздадур ҳар яхшиликнинг имкони бор.

Мундин дебдурларки, нафаснинг жони бор.

   Яъни ширинсўз одам ҳар бир сўзини мулойимлик билан келиштириб айтади ва кўнгилга келадиган юз ғам унинг сўзи билан қайтади.

Сўз билан ҳар қандай яхшиликни, эзгуликни рўёбга чиқариш мумкин. Тилни "кўнгил хазинасининг қулфи” ва сўзни шу хазинанинг калиди деб таърифлаган Навоий тил одобига ҳамма вақт чуқур эътибор бериш зарур эканлигини, ҳар бир айтилажак сўзни ўйлаб, ақл тарозусига қўйиб, "тилингни ўз ихтиёрингда асра” дея ўринли ва мантиқли сўзлашга чақиради.

Сўзни кўнгулда пишқармагунча тилга келтирма,

Ва ҳар неки кўнгулда бор – тилга сурма.

  Шунингдек, ёмон кишилар ўзларининг дилозорликлари билан кишилар дилига қаттиқ озор бериши ва кўнгилларини чилпарчин синдириши мумкинлигини қуйидаги мисраларда шундай баён қилади:

 

Ким синса кўнгул заҳми забон оғриғидин, 

Кам эрмас анинг оғриғи жон оғриғидин.

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,

Руҳ доғи танаро сўздин ҳалок.

Навоий ҳазратлари ҳақ таолодан мадад сўраб, ёзган ҳар бир нодир мисраларни инсонлар қалбининг туб-тубдан жой олиб, дилларига жо бўлишини астойдил ният қилган эканлар. Алишер Навоий ўзларининг бир ғазалларида:

 

Агар бор эса поклик нияти

Анга ёр ўлур поклар ҳиммати

Керакоғзи поку, сўзи дағи пок

Яна кўнгли поку кўзи дағи пок

дея инсонларни покликка ундаб, инсонларнинг кўнгли ҳам, нияти ҳам пок бўлиши,дили ҳам тилиҳам бир бўлиши зарурлигини уқтирган.

  "Маҳбуб ул-қулуб” да халқ оғзаки ижодининг бебаҳо бойликларидан бири халқ мақолларидан фойдаланилган ҳолда Алишер Навоий шундай пурмаъно ҳикматли сўзлар ҳам яратдики, уларнинг кўпи халқ мақолига айланиб кетди. Мақол ва ҳикматли сўзлар "Маҳбуб ул-қулуб” нинг мазмунини ғоявий қимматини бойитиш билан бирга тилни янада ширали қилади. Масалан: "Кўп демак сўзга мағрурлик” "Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз” "Ҳар кимки сўзи ёлғони зоҳир бўлгач у ёлғон”, "Чин сўз мўътабар, яхши сўз мухтасар”, "Чин сўзни ёлғонга чулғама, чин айта олур тилни ёлғонга булғама” ва бошқалар шулар жумласидандур. Шоир ҳикматлариҳаётнинг турли - туман томонларинибеистисно ўз ичига олган. Уларда инсон муҳаббати, вафодорлик, дўстлик, илм- маърифат фазилатлари,саҳийлик, карам, сабр-қаноат, меҳнатсеварлик хусусиятлари, оила, фарзанд тарбияси, ватанпарварлик, инсонпарварлик, одоб-тавозуъ, мулойимлик, садоқатлилик, ростгўйлик, тўғрилик, ширинсуханлик, юмшоқ кўнгил, камтарлик,меҳрибонлик, ўзгалар манафаатларини ўз манфаатидан устун қўйиш каби хусусиятлар мадҳ этилади.

 

   Шоир ўз асарларида умуминсоний ғоялар инсонпарварлик, адолатпарварлик дўстлик, тинчлик, меҳр – садоқат, пок муҳаббат, вафо ва садоқат, маърифатпарвар лик каби гўзал туйғуларни юксак бадиий шаклда ифодалаш орқали ўзбек адабиёти шуҳратини дунё миқёсига олиб чикди ва ўзи ҳам Фирдавсий, Низомий, Шекспир, Гомер, Данте, Гётелар қаторидан ўрин олди. А. Навоий ўзбек адабиётида ғазалчиликни юксак даражага кўтарди, гўзал " Хамса”си билан ҳамсачилигимизга асос солди, насрий асарлари аруз илми, тил, дин ва тарихга оид илмий асарлари билан етук теран олим эканлигини намойиш қилди. Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек: "Алишер Навоийнинг тарих ва башарият олдидаги улуғ хизматларидан бири шундаки, у адолат туйғусини ҳар бир инсон, ҳар қайси халқ ва миллат интилиб яшайдиган олий мезон даражасига кўтарди, одамзодни ҳаётда адолатни қарор топтиришга, уни асраб - авайлашга чорлаб ўтди.”

   Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Алишер Навоий ўз ҳикматлари кишиларга ўрнак бўлиши, яхшилик ва ёмонликни белгилашда, гўзалликни эъзозлаш, эзгуликка интилишва ёмонликдан ўзларинийироқ тутишларида бир дастуруламал бўлишини умид қилган. Ҳа, Алишер Навоий байтларида айтилганидек, умримизнинг ҳар бир дақиқасини фақат яхшиликка, эзгуликка, илм олиш ва даҳоларимизўгитларига амал қилганҳолда яшашга интилишимиз керак.

 

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш,

қуриш ва эксплуатацияси институти

"Ўзбек тили ва хорижий тиллар” кафедраси

катта ўқитувчиси Н.Пазлетдинов

 

 

Подробнее
  • Просмотров: 210
  • Комментариев: 0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь.
Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.